Мастит даволаш усуллари келиб чикиш сабаби
Мастит сут безининг шамоллаши. Кўпинча лактация (сут келиши) даврида юзага келади. Шамоллашиш тарзига кўра серозли, инфильтративли ва йирингли маститларга бўлинади. Мастит ривожланишида сутнинг турғунлиги (лактостаз) ва мамма ёриқлари асосий аҳамиятга эга. Онада сут мўл бўлиб, бола эммаса, лактостаз одатда авж олади. Бундай ҳолда ҳар қанча оғир бўлмасин, сутни сиқиб чиқариб ташлаш керак. Нотўғри эмизиш ва гигиеник қоидалар бузилиши сабабидан маммада ёриқлар пайдо бўлади. Кўпинча эмизишнинг дастлабки даврида ва болада дастлабки тишлар чиққанда кузатилади (6 ойликда).
Белгилари
• Касаллик оғир бошланади, бемор аёл сут безларининг оғриғидан шикоят қилади, ҳарорати 380С ва ундан юқорига кўтарилади, бадани қақшайди.
• Касалланган сут бези катталашиб кетади, зичлашув атрофи (инфильтрат)даги терида қон тўпланади, териости веналар шишади, маммада ёриқлар пайдо бўлади, қўлтиқости лимфатик тугунлар катталашади ва пайпаслаганда қўлга билинади.
• Касаллик бошланишида сут безидаги зичлашувнинг аниқ чегараси бўлмайди, кейинчалик аникроқ кўзга ташлана бошлайди.
• Агар 2-3 кунда сут безидаги зичлашув сўрилиб кетмаса, йиринг олади.
• Йиринглашиш бемор аҳволини баттар ёмонлаштиради, ҳарорати кўтарилади ва натижада жарроҳлик амалини қўллаш мажбурий бўлиб қолади.
Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?
Лактация мастит муолажасининг дастлабки босқичларида касалликнинг йирингли тус олиши тўхтайди. Шу боис илк аломатлар сезилиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
ШИФОКОР КЎРСАТМАЛАРИ Муолажа
Маститнинг олдини олиш учун болани ҳар эмизгандан кейин 15 дақиқа сут безларини очиқ қолдириш керак (ҳаво ваннаси). Эмизишдан олдин ва кейин маммаларни мойчечак қайнатмаси ёки антисептик эритма билан артиш лозим. Маммаларда ёриқлар пайдо бўлса, суртма ёки крем кўринишидаги антибактериал ва шамоллашга қарши воситалар қўлланилади. Агар барибир мастит авжолиб кетаверса, сут безлари кўпчиб, оғрийди.
Бошланғич паллалардаги муолажани давом эттириш ва муолажани кучайтириш керак бўлади. Тўла тинчлик зарур, безлар сал кўтарилган ҳолатда тутилади (боғич билан танғиб қўйилади). Касалланган кўкрак билан эмизиш астойдил тавсия этилади, ундан ё сут сиқиб чиқарилади, ё сутсўрғич билан сўриб олинади. Куруқ иссиқ қилиб, физиологик муолажа қўллаш мумкин. Илитувчи компресс қилиш мумкин эмас. Антибиотиклар кўрсатмалар бўйича тайинланади. Йиринглашиш авж олса, жарроҳлик амали қўлланилади.
Сут безлари чеккаларида унча-мунча зичлашиш бўлганда, маститнинг зардоб ажратиш босқичида агар она антибиотик дорилар ичмаётган бўлса, касалланган кўкрак билан болани эмизишда давом этиш мумкин. Агар шифокор антибиотиклар тайинлаган бўлса ёки йирингли мастит авж олса, кўкрак бериш тўхтатилади, сут соғиб олинади. Агар сутни соғиб олиш ёрдам бермаса ё бунинг иложи бўлмаса, шифокор лактацияни босувчи дорилар ёзиб бериши мумкин.
Дориларни шифокор кўрсатмаси ва унинг назорати остида истеъмол қилмоқ керак.
Ташқи муолажа учун • Антибактериал ва шамоллашға қарши воситалар: Гелмиомицин • Декспантенол (Бепантен, ДПантенол) • Этонит.
Ичиладиган дорилар
• Антибиотиклар: Азитромицин (Сумамед) • Цефалексин • Цефаклор (Верцеф) • Клиндамицин (Далацин С). • Лактацияни босувчи воситалар: Каберголин (Достинекс) • Бромокриптин (Бромэргон, Парлодел) • Хинаголид (Норпролак).
Жарроҳлик муолажаси. Йирингли мастит авж олганда жарроҳлик амали қўлланади йиринглаган жой очилиб, йирингдан тозаланади. Мақсад йирингни йўқотиш ва шамоллашнинг кетиши, назла оқиб чиқиб кетиши учун шароит яратиш. ТАБИИЙ ВОСИТАЛАР Халқ табобати рецептлари (дамламалар).
Қизилпойча гиёҳининг 1 ошқошиғини 300 мл қайнатилган сувга солиниб, 1 соат тиндирилади ва сузилади. Дамлама кунда 3 маҳал чорак стакандан ичилади. Компресс ва томизғи учун кўпроқ аралашмали дамламадан фойдаланилади (1 стакан қайнатилган сувга 3 ошқошиқ гиёҳ солинади). Компресс тунда қилинади.
Бақатўн гиёҳи туйилган қуруқ гиёҳдан 1 ошқошиғи кунда 1 марта овқатдан олдин мураббо ёки асал билан истеъмол қилиш мумкин. Хом бақатўнли салатдай, озгина туз сепиб, ёғ билан ейилади. Айни вақтда қайнатилмаган бақатўнни ёки қуритилган бақатўнни намлатиб, кўкракнинг шамоллаган ва зичланган жойларига босилади (туйилган гиёҳни сабур ва асал билан қўшиб истеъмол қилиш мумкин). Каштангули 6-8 ошқошиғини 1 л сувга солиб қайнатилади, тунда илиқ жойга қуйиб қўйилади, кундузи ҳар соатда 1 ҳўпламдан ичиб борилади.
Ташқи муолажа учун халқ табобати рецептлари
Борди-ю, кўкрак қаттиқлашиб ёки яллиғланиб бораверса, дарҳол буғ компресси босиш зарур, бунинг учун мойчечак гулининг иссиқроқ дамламасида ивитилган 6-8 қават ип мато, ё бўлмаса чала қайнатилган, куйдирмайдиган даражада иссиқ арпа солинган қопча кўкрак устида 20-30 дақиқа давомида босиб турилади. Кейин туриб қолган сутни қўлда ёки сутсўрғичда албатта, сиқиб чиқариб юбориш керак.
Қизилпойча гиёҳидан 3 ошқошиғини туйиб, 3 стакан қайнатилган сувга солинади ва паст оловда ёпиқ идишда 10 дақиқа қайнатилиб, совутилади ва сузилади. Мамма учидаги ёриқлар ювилиб, қизилпойча мойи суртилади ва тўрт букланган ип матони қуруқлигича босиб, авайлабгина боғлаб қўйилади ва 6 соат тутиб турилади.
1 та тухум сариғи 1 чойқошиқ асал ва 1 ошқошиқ ўсимлик ёғи билан аралаштирилади. Аралашма жайдар ёки буғдой уни сепиб қорилади, докага ёйиб, оғриқ жойга босилади-да, бинт ёки пластир билан боғлаб қўйилади. Кунда 2-3 марта алмаштирилади. Тунда қўйиб ётса, яна яхши.
Йўғон томирлари кесиб ташланган карам япроғига 1 та товуқ тухуми сариғи, 1 ошқошиқ оқ ун, 1 ошқошиқ асал ва 1 ошқошиқ ўсимлик ёғи аралашмаси суртилади. Барча таркиблар паст оловда яхлит моддага айлангунча аралаштирилади (қайнаб кетмаслиги керак). Компрессни маммалар устидан босиб, боғлаб қўйилади. Кўкракни таранг боғлаб бўлмайди. Компресс 4-6 соат тутиб турилади, кейин янгисига алмаштирилади. Муолажа муддати 24 соат.
Хом лавлаги қирғичда қирилиб, 3:1 нисбатда асал билан аралаштирилади, тайёр моддани сут бези устидан боғлаб, бир кеча қолдирилиб, эрталаб компресс ечилади, кўкрак илиқ сувда ювилади. Янаги тунда амал яна такрорланади. Кейин бир кеча-кундуз дам берилади. Жами 20 кун бажарилади. Бир лавлаги қирмасини икки марта фойдаланса бўлади (музлатгичда сақлаб).
Арпа қайнатмаси ва ундан бўтқа қилинади. Ҳар куни кўкракка боғлаб, 2 соатдан тутиб турилади.
Зубтурум уруғи туйилиб, илиқ сувда ивитилгач шамоллаган кўкрак безларига суртилади.
Майда қилиб тўғралган петрушка япроғидан 1 ошқошиғи 1 ошқошиқ каноп уруғи (қаҳва майдалагичдан чиқарилади) ва 100 гр янги сут билан аралаштирилиб, қуюқлашгунча қайнатилади, кейин 1-2 ошқошиқ шакар сепилиб, совутилади, қопчага солиниб, илиқ ҳолда кўкракка босилади.
Майда қилиб тўғралган янги карамдан 2 ошқошиғи, бир боғлам майда қилиб тўғралган петрушка, 1 ошқошиқ каноп уруғи ва 100 гр янги сут аралаштирилиб, атала бўлгунча қайнатилади, 1-2 чойқошиқ шакар қўшилади ва қопчага солиб илиқ ҳолда кўкракка қўйилади