Ангина даволаш учун ТОП 50 хил усуллар
Ангина ўткир юқумли касаллик бўлиб, ҳалкумда хусусан оддий тилда томоқ безлари дейиладиган танглайдаги бодомсимон безларининг яллиғланишдир. Агар очиқ оғизга қаралса, уларнинг ҳалкум йўлининг ҳар икки томонида жойлашганини кўриш мумкин.
Расмий тиббиётда бу бодомсимон безларнинг шамоллаши тонзиллит деб аталади, ангина эса унинг бир туригина бўлиб, бактериялар (гоҳо вируслар ва замбуруғлар) келтириб чиқарадиган ўткир яллиғланишдир. Ангина кўпинча жуда оғир кечади ва хавфли асоратлар қолдиради.
Аломатлари
• Қазғоқланиш, қуруқшаш ва айниқса ютинганда ҳалқумда оғриқ пайдо бўлади.
• Ҳарорат кўтарилади.
• Одам сирқовланиб қолади, мазаси қочади.
• Боши оғрийди.
• Бўғим ва мушаклар оғрийди.
• Лимфатик тугунлар катталашади (куйи жағ остини пайпасланса, билинади).
Кичик ёшдаги болаларда куйидаги ҳолатлар кўринади:
• Овқатдан бош тортиш.
•Оғиздан сўлак оқиши.
• Тишларининг қоришиб қолиши.
Агар бодомсимон безларни кўриш имкони бўлса, улар оқ сарғиш тусдаги йиринг билан қопланган бўлади (қизил катарал ангина) бодомсимон безларнинг бутун юзасини оч сариқ «пуфакчалар» қоплаган бўлса, бу фолликуляр ангина. Ангинанинг энг ёмон асоратлари:
Дастлабки паллаларда ҳалқум йиринглайди, юқумли касаллик бош чаноғи бўшлиғига тарқалиб, мия қобиғи яллиғланиши ривожланади (менингит), сепсис бўлади (қон заҳарланади);
Сўнгги паллаларда (2-4 ҳафтадан кейин) сурункали тонзиллит, бод, гломерулонефрит, миокардит касалликлари келиб чиқади.
Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?
Ангинанинг дастлабки белгиларидаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак, чунки бу касалликнинг энг енгил шакли ҳам ёмон асоратaларга ва сурункали шаклларга олиб келиши мумкин. Ангина юқумли касаллик, шу боис шифокорни уйга чақириш мақсадга мувофиқ.
ШИФОКОР КЎРСАТМАЛАРИ Текшириш
Шифокор текширишнинг турли усулларини қўллаши мумкин, масалан:
• фарингоскопия; • қон таҳлили; • кўкрак қафаси флюрографияси; • бурун-ҳалқум суви ва шиллиғи (ринит)ни бактериологик текшириш ва ҳоказолар.
Муолажа уйда (амбулаторик усулда) ўтказилиб, бемор албатта бошқалардан тажратиб қўйилади. Ангина юқувчан, шу боис беморни алоҳида хонага жойлаштириш, уйни тез-тез шамоллатиб, хўл латта билан супуриб-сидириш керак.Ёш болаларни ҳам, катта ёшдаги одамларни ҳам бемор олдига қўймаслик керак. Беморнинг овқат ейдиган ўз идиши бўлиши шарт, улардан касаллик вақтида бошқа ҳеч ким фойдаланмаслиги керак. Касалликнинг биринчи кунларида ҳали ҳарорат чиқиб турган даврда, бемор тўшакка «михлаб» қўйилади.
Ангина оғиркечса, асорати кучаяверса, бемор касалхонаға ётқизилиши керак. Парҳез. С витамини ва В гуруҳи витаминларига бой енгил бўлган овқатлар тавсия этилади. Суюқликни кўп ичиш фойдали: янги тайёрланган хўл мевалар шарбати, лимонли ё маймунжонли чой, сут, ишқорли маъдан суви. Аччиқ, қайноқ ва муздек овқат истисно этилади.
Дори воситалари. Дориларни шифокор кўрсатмаси ва унинг назорати остида ичиш керак. Бу воситалар беморнинг ўзига қараб тайинланади ангина табиатига, ёшга, ёнидаги сурункали касалликка, организмнинг умумий ҳолатига ҳам қаралади. Ташқи муолажа ва шамоллашга қарши препаратларни қўллаш касалликнинг енгил шаклларида (катараль ангина) самарали дир. Ангинанинг янада оғирроқ шаклларида ташқи муолажани янада кучлироқ воситалар, энг аввало умумий антибиотик муолажа билан тўлдирилади. Амбулатория (уй) шароитида бу ичиладиган антибиотиклар препаратлари тайинлашдир. Антибиотиклар: Гексетидин (Гексорал) «Фузафунжин» (Биопарокс), Аэрозоль • Амбазон (Фарингосепт) • Грамицидин (Грамидин) • сўрилтирувчи ҳапдорилар.
Ичиладиган дорилар
• Оғриқ қолдирувчи, иссиқни туширувчи ва шамоллашга қарши воситалар: Ацетилсалицил кислота (Аспирин) • Метамизол (Анальгин, Баралгин М) • Парацетамол (Калпол, Панадол, Эффералган) • Фалиминт.
• Антибиотиклар: Азитромицин (Сумамед) • Ампициллин • Кларитромицин (Биноклар, Клабакс, Клацид, Криксан, Фромилид) • Рокситромицин (Рулид, Рулицин) • Цефалексин • Ципрофлоксацин (Сифлокс, Акваципро ва ҳоказо).
Жарроҳлик муолажаси. Йирингли ангина ривожланганда беморни жарроҳлик муолажаси учун зудлик билан касалхонага ётқизиш керак. Энг кўп қўлланиладиган жарроҳлик муолажаси бу абсцессни очиш ва тозалашдир.
ТАБИИЙ ВОСИТАЛАР Халқ табобати рецептлари (дамламалар)
Оқ ғозпанжа гиёҳини халқда «бўғизча» ва «бўғиз ўти» деб аталади. Ундан дамланган чой шамоллашни тез йўқотади, такрорий ангинадан анча вақтгача халос қилади. Чойни тайёрлаш учун 1 ошқошиқ ғозпанжа кукунини 1 стакан қайнатилган сувга солинади, камида 1 соат тиндирилади. Кунда 2 маҳал 1 стакандан ичилади.
Ялпиз япроғи 10 гр, иттиканак гиёҳи 15 гр, қизилпойча гиёҳи5 гр, валериана илдизи 5 гр олиниб аралаштирилади. 1 ошқошиқ тўпламни олиб 200 мл совуқ сувга солинади, қайнатиб, 1 соат тиндирилади. Қайнатмани иссиқ ҳолда кунда 1-2 маҳал ва ётишдан олдин 1 стакандан ичилади. Мойчечак гуллари ёки мунчоқгулнинг туйилганидан 1 стакан сутга 2 чойқошиғи солинади, 1 чойқошиқ тоза асал қўшиб қайнатилади ва сузилади, қайноқ ҳолида кунда 2-3 маҳал ичилади.
1 ошқошиқ будрани 200 мл сувга солиб, 5 дақиқа қайнатилиб, тиндирилади. Оғиз чайиш ва кунда 3-4 маҳал 50-100 мл дан ичиш тавсия этилади.
1-2 ошқошиқ қуруқ мойчечак гулини 2 стакан қайноқ сувга солиб, 10-15 дақиқа сувли идишда қайнатилиб, совитилади ва сузилади, қайнатмага 1-2 чойқошиқда асал солса ҳам бўлади. Аралашмани ичиб, оғизни чайиш мумкин.
Душица настойкасидан (200 мл сувга 1 чойқошиқ солиб) оғиз чайиш ёки чой ўрнида ичиш мумкин.
Ангина бошланганда лимонни, айниқса пўстини узоқ чайнаш ёрдам беради. Қирилган лимон ва асалдан болаларга аралашма қилиб берилса, яна яхши. Лимонни истеъмол қилиб бўлгач, ундаги эфир мойининг томоқ шиллиқ пардасига таъсирини камайтирмаслик учун 3 соатгача ҳеч нима емай туриш керак. 3 соатдан кейин муолажа амали янгиланади. Ташқи муолажа учун халқ табобати рецептлари гиёҳлар (кушторон, мойчечак)нинг иссиқ қайнатмалари, натрий бикарбонат (сода), бор кислотаси, водород пероксиди эритмалари ва ҳоказолар билан чайиш мумкин.
Бўйин атрофини иссиқ сақлаш (пахта-дока билан боғлаш ёки иситувчи компресс)тайинланади.
Иситувчи боғич ёки компресс ангинанинг ўтишини анча енгиллаштиради. Компресс амали қуйидагича: мато (яхшиси шамоллашни олувчи каноп бўздан фойдаланиш керак) ни 1 чой қошиқ сирка солинган 0,5 л сувда ивитилади (иситилган ўсимлик мойи, сув қўшилган арақ ёки боланинг пешоби ёки бўлмаса оддий иссиқ сув) ва сиқиб ташланади.
Ҳўл латта билан бўйин қопланади, унинг устидан мумли қоғоз (компрес қоғози) ёки целлофан плёнка қўйилади, кейин юнг бўйинбоғ билан ўраб иссиқ қилинади-да, дока ё рўмол билан боғлаб қўйилади. Компресс муддати 1,5-2 соат. Янги карам япроғидан компресс қилса ҳам бўлади, уни ҳар 2 соатда алмаштириб турилади. Бу компресс фақат бодомсимон безларнинг эмас, балки бўйин лимфатик тугунларининг шамоллашини ҳам бартараф этади.
Морс ва асалли янги клюква мевасини шамоллаш касалликлари, ангинани даволашда қўлласа бўлади. Асал ва клюква (ёки брусника) аралашмасининг суви билан касал томоқ чайилади.
Ангина ва тонзиллит келтириб чиқарувчи кўплаб микроорганизмларга нисбатан фаол моддалар қончўпда бор. Кончўп чойи билан бодомсимон безлар бўшлиғи ва оралиқлари чайилади ва ювилади. Чойни сув ҳаммомида бир стакан сувга 1 ошқошиқ гиёҳ ташлаб дамланади.
Фолликуляр ва лакунар ангинада 200 мл сувга 10 % ли спирт настойкасидан 30-40 томчи ёки 2 чойқошиқ календула гули солиб дамланади ва чайилади.