Лентасимон гижжалар
Лентасимон гижжалар Одам организмида ҳўкиз солитёри, чўчқа солитёри, сербар гижжа ва калта гижжа кўпроқ учрайди. Одатда уларнинг личинкалари организмга тушиб, ичакда етилиб, гижжага айланади.
Ҳўкиз солитёрининг бўйи 4-10 м.гача бўлади. Одамга касаллик гижжа личинкалари бўлган мол гўштини яхши пиширмай истеъмол қилинганда юқади. Уй бекаларига хом қийма тузини тотиб кўраётганда юқади. Касалланганда киши озади, кўнгли айниб, қайт қилади, иштаҳаси пасайиб, ичи равон юришмайди, ўзи тажангланиб, боши айланади, уйқуси қочади.
Чўчқа солитёрининг бўйи 2 м.гача бўлади. Одамга чўчқа гўштида бўладиган личинкалар орқали юқади.
Сербар гижжанинг узунлиги 6-15 м.гача бўлиб, одамга балиқни етарли қовурмасдан (пиширмасдан) ёки хомлигича еганда юқади. Касаллик белгилари: камқувватлилик, бош айланиши, сўлак оқиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, қориннинг оғриб туриши, ич суриши. Тилда оч қизил доғ ва ёриқлар пайдо бўлиши касаллик белгилардан бири.
Калта гижжалар тухумлари билан ифлосланган рўзғор буюмлари орқали – эшик бандлари, ҳожатхона стулчалари ва бошқалардан ўтади; кўпинча болалар касалланади. Қоринда оғриқ туриб, беморнинг кўнгли айнийди, иштаҳаси пасаяди, боши оғриб, ичи кетади, болалар эса тутқаноқ тутгандек талвасага тушади.
Эхинококк ҳайвонлар, асосан, итлар ичагида яшайди. Одамларга ит ва мушуклардан, шунингдек, ёввойи этхўр ҳайвонлар терисини шилиш ва ошлаш вақтида юқади. Эхинококкоз
оғир касаллик бўлиб, белгилари организмнинг қайси органи касалланганлигига боғлиқ.
«Қуролсиз» ва «қуролланган» цепенлар
«Қуролсиз» ва «қуролланган» цепенлар кишида тениаринхоз ва тениоз касаллигини қўзғотувчилар ҳисобланади.
Тениаринхозни ясси чувалчанг – ҳўкиз цепенийси келтириб чиқаради. У одам ичагида текинхўрлик қилади, саккиз-ўн йил яшайди. Узунлиги 6-7 м. келади.
Охирги хўжайини одам бўлиб, у хом, чала пиширилган мол гўштини истеъмол қилганида юқади.
Шакли жиҳатдан у ичи кавак нўхат донига ўхшайди, кавак ичида тўртта сўрғичли жуда кичкина боши бўлади. Бу личинкалар (финналар) оралиқ хўжайин – ҳўкиз ва сигирларга катта зарар етказмайди.
Тирик финналар кишининг овқат ҳазм қилиш йўлига тушиб қолса,. меъда шираси таъсирида пўстидан қутилиб, фаол ҳаёт кечира бошлайди. Сўрғичлари билан ичак деворларига мустаҳкам ёпишиб олиб, танасининг бутун сирти билан озиқлана бошлайди, шу тариқа ўз хўжайини – одамни ҳолдан тойдиради.
Цепеннинг кичик бошидан бўйни ўсиб чиққан бўлиб, у қуртнинг ривожланиш қисми ҳисобланади. Ҳўкиз цепени кун сайин эмас, соат сайин ривожланади. Унинг узунлиги бир ҳафтада ярим метрга етади, тирик «занжир» ҳар куни 7-8 см. ўсади. Тунда пастки бўғинлар узилиб, ташқарига чиқади. Қурт бўғинларининг мустақил равишда узилиб чиқиши ичакда ҳўкиз цепенининг текинхўрлик қилаётганининг ишончли белгисидир.
Цепенларнинг иккинчи тури билан зарарланган чўчқа гўштини истеъмол қилган киши тениоз касаллиги билан оғриши мумкин, унинг қўзғотувчисй ясси қуртнинг бошқа тури – чўчқа цепени деб аталади, чунки балоғатга етган қуртнинг бошида тўртта сўрғичдан ташқари қўшимча қурол 22-32 дона илмоқлари бўлиб, хитин қатори мавжуд. Ана шу «қурол» туфайли одатдаги қуролсиз цепенга қараганда чўчқа цепенидан қутулиш қийинроқ.
Ҳозирги кунда зарарланган чўчқа ва мол гўшти сотувга чиқарилмайди, чунки у, албатта, ветеринария назоратидан ўтказилган бўлади. Баъзан шахсий фойдаланишдаги моллар кўрикдан ўтказилмаган бўлиши мумкин. Натижада текширилмаган гўшт одамнинг касалликка чалинишига сабаб бўлади.
Миллий анъана ва одатлар ҳам цепенлар касаллиги тарқалиши таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, Хоразмда аҳоли хом ёки яхши қовурилмаган қийма – «ижжан» (пиёз ва гармдори қўшилган хом қийма) истеъмол қилиши натижасида тениаринхоз билан касалланади. Тениаринхоз, шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Қорақалпоғистон аҳолиси ўртасида ҳам тарқалган.
Тениаринхоз дунёнинг ҳамма жойида учраса-да, бироқ Африка, Жанубий Америка, Австралия ва Осиёнинг айрим мамлакатларида кенг тарқалган. Бу касаллик Закавказье, Марказий Осиё республикалари ва Қозоғистонда, шунингдек, Ёқутистон, Бурятистон, Олтой ўлкаси, Иркутск, Красноярск, -Новосибирск ва Омск вилоятларида кўпроқ учрайди.
Тиббий-санитария тадбирлари
1. Бутун аҳолини ҳар йили анамнестик ва лаборатория усулида текшириш, сўнгра дегельминтизация қилиш лозим.
2. Диспансер врачларининг вазифалари:
а) касалланган беморларни ҳисобга олиш;
б) касаллик янада тарқалишининг олдини олиш чораларига риоя қилган ҳолда беморларни амбулатория ва касалхоналарда дегельминтизациядан ўтказиш;
в) дегельминтизация қилишни назорат қилиш.
3. Финоз касаллигига чалинган қорамолни эпидемиологик текширишдан ўтказиш.
4. Аҳоли орасида санитария тартиб- қоидаларини кенг тарғиб қилиш.
5. Чорвадорларни ишга тушишидан олдин албатта текшириш ва аниқланган беморларни дегельминтизациядан ўтмагунича ишга қўймаслик.
6. Чорвачилик ходимларини кимёвий прбфилактикадан ўтказиш.