БАЛАНИТ ВА БАЛАНОПОСТИТ
БАЛАНИТ ВА БАЛАНОПОСТИТ Баланит – жинсий олат (закар) бош қисмининг яллиғланишидир. Ушбу касалликка чалинган беморда олат боши соҳасида ачишиш, қичишиш аломатлари, лоҳаслик, бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, баъзан чов соҳасида лимфа тугунларининг катталашиши кузатилади. Баланитнинг оддий, диабетик, гангреноз, ҳалқасимон эрозияли, йирингли-ярали турлари бор.
Баланит одатда постит – жинсий олат чекка кертмаги ички қаватининг касалланиши билан кечади, пгунинг учун иккаласи бирга – баланопостит деб аталади. Демак, баланопостит жинсий олат бош қисми териси ва чекка кертмаги ички қаватининг яллиғланишидир. Олат боши ва кертмаги орасида смегма йиғилиб қолиб, унга микроблар тушиши баланопоститга олиб келади. Шунингдек, бу касаллик захм ва сўзак асоратлари, фимоз туфайли ҳам келиб чиқиши мумкин.
Ўткир баланопоститда олат боши ва кертмагида оғриқ, қичишиш, ачишиш аломатлари пайдо бўлиб, шу соҳа маддалайди. Олди олинмаса, сурункали баланапоститга ўтиши мумкин. Баланопоститнинг оддий, диабетик, эрозияли турлари бор.
Касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлиши билан дарҳол урологга мурожаат этиш зарур. Касалликнинг кечиши ва хилига қараб даво тайинланади. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини унутманг!
ЗАХМНИНГ ЗАРАРЛАРИ
Афсуски, сўнгги йилларда жинсий йўл билан юқадиган касалликлар сони бир мунча кўпайгани кузатилмоқда. Шулардан бири захм (сифилис) бўлиб, Жаҳон Соғликни Сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили тахминан 12-13 миллион киши ушбу хасталикка чалинар экан.
Захм сурункали, юқумли таносил касаллиги бўлиб, уни оқиш трепонема қўзғатади. У ўзига хос клиник кечиш даврига эга, фаол клиник кўриниш даври билан яширин давр алмашиниб, бу вақтда терида билинар-билинмас яллиғланишлар ва чуқур специфик инфекцион гранулемалар пайдо бўлади. Бу гранулемалар кейинчалик некротик йўл билан ириб парчаланиши оқибатида уларнинг ўрнида чандиқ қолиши кузатилади.
Захм хасталигининг иккита тури мавжуд, улар туғма ва орттирилган захм деб аталади. Агар янги туғилган чақалоқда захм борлиги аниқланса, бу онасидан ўтган ҳисобланади ва туғма захм деб аталади. Орттирилган захм эса ҳаёти давомида захм касаллигини юқтирган беморларда кечади.
Захмнинг клиник белгилари беморда касаллик қайси даврда кечаётганлиги билан характерланади. Касалликнинг бирламчи, иккиламчи, учламчи даврлари бор. Бирламчи даврида бемор танасининг захм қўзғатувчиси юққан жойида ҳажми мош донасидан то танга шаклидек катталикда бўлган яра ёки эрозиялар ҳосил бўлади. Касалликнинг бу аломатла
ри оғриқсиз бўлганлиги сабабли беморни безовта қилмайди.
Кейинчалик эса чов соҳасида лимфа безларининг катталашиши кузатилади. Маълум вақтдан, яъни 2-3 ҳафтадан кейин касаллик қўзгатувчиси қонга ўтади. Шундай қилиб, умуий ҳисобда 4-8 ҳафтадан сўнг яра ва эрози- ялар битади, касаллик иккинчи даврга ўтади. Иккиламчи давр 2-4 йил давом этади. Бу вақт мобайнида тери ва шиллиқ қаватларида қизил тугунчали тошмалар тошади, улар дам йўқолиб, яна тошиши мумкин.
3-5 йилдан сўнг захмнинг учинчи даври бошланади. Бемор танасида дўмбоқчалар, гуммалар пайдо бўлади. Бунинг оқибатида эса юрак, қон томир, жигар, буйрак, бош ва орқа мия тўқималари емирила бошлайди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, бу даврда захм касаллиги билан оғриган беморлар атрофдаги кишиларга касаллик тарқатувчи манба бўлиб ҳисобланади.
Захм аеосан жинсий алоқа орқали юқади, тартибсиз жинсий ҳаёт кечирадиган кишининг бу касалликни юқтириш эҳтимоли катта. Сўнгги йилларда захмнинг қон орқали юқиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Аммо гематология институтларида керакли чора-тадбирлар қўлланилиб, беморларга қуйиладиган қонлар турли юқумли касалликларга текширилмоқда.
Касалликка бактераскопик, бактериологик ва сериологик таҳлил орқали ташхис қўйиладм. Бугунги кунда бундай ташхис қўйиш усуллари республикамизнинг барча тери-таносил касалликлари диспансерларида амалга оширилмоқда. Агар ушбу касаллик билан оғриган беморлар ўз вақтида шифокорга мурожаат этиб, керакли муолажаларни олсалар, бутунлай соғайиб кетадилар. Беморлар 3 йил давомида шифокор назоратида бўладилар.
Захмга чалинмаслик учун аввало шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш лозим. Яъни, беморнинг артинадиган сочиғи, овқатланадиган идиш-товоғи ва фойдаланадиган орасталик буюмлари ҳам алоҳида бўлиши керак. Қолаверса, бетартиб жинсий алоқадан тийилиш муҳим аҳамиятга эга.