Бачадон фибромиомаси аёллар касалликлари

фибромиома

Бачадон фибромиомаси СAБAБЛAРИ, AЛОМAТЛAРИ, ТAСНИФИ, ТAШХИСЛAШ

Бачадон фибромиомаси (бачадон миомаси) бачадоннинг гормонал жиҳатдан боғлиқ хавфсиз шиши бўлиб, унинг мушак қатламидан келиб чиқади. Шиш якка ўзи бўлиши мумкин, аммо кўпинча қатор тугунлари борлиги аниқланади. 30 ёшдан ошган аёлларнинг 20 %ида, 50 ёшдан ошганларнинг 40 % ида учрайди.

Касалликнинг ривожланишида аёл жинсий гормонлари синтези ва айланишининг бузилиши, уларга нисбатан бачадон тўқимаси таъсирчанлигининг ўзгариши алоҳида аҳамиятга эга. Ирсийлик ҳам маълум роль ўйнайди. Яқин қариндош-уруғлари бачадон фибромиомаси ёки тухумдонлар поликистози билан оғриган аёлларда ҳам шиш тез-тез учраб туради.

БЕЛГИЛАРИ

  • • Турли даражада оғирликдаги бачадон қон кетишлари «ой кўриш» вақти (меноррагия)да ёки «ой кўриш» вақтидан ташқари (метроррагия) ривожланиши мумкин.
  • • Кориннинг пастки бўлимидаги оғришлар думғаза ва човга ўтади.
  • • Агар шиш қовуқ томонга ёки тўғри ичакка қараб ўсса, шу аъзоларда босилиш ҳисси пайдо бўлади, пешоб келиши бузилиб, ич келмай қўяди.
  • • Фибромиома аломатсиз ҳам кечиши мумкин ва бошқа касалликларни текшираётганда тўсатдан чиқиб қолади (борлиги билинади). Бачадон фибромиомасининг энг хавфли асоратлари:
  • •бачадондан қон кетиши; анемия;
  • • миоматоз тугунининг «ўлиши» (некроз);
  • • пуштсизлик ёки ҳомила тутмаслик.

фибромиома

Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?

Касаллик аломатлари сезилиши биланоқ (қоринда оғриқ. ой кўришда бузилишлар ва ҳоказо) гинекологга мурожаат қилиш зарур. Қоринда қаттиқ оғриқ турса, бачадондан қон кетса, «тез ёрдам» чақириш лозим.

ШИФОКОР КЎРСАТМАЛАРИ Текширув

Умумий тиббий ва гинекологик кўрик, фибромиома ўлчами ва жойини аниқлаш учун одатдаги таҳлиллардан ташқари қўшимча текшириш усуллари қўлланилади:

•ультратовушли текширув;

• гистероскопия (махсус ускунада бачадон бўшлиғи текширилади);

• кўрсаткичлар бўйича лапароскопия (қорин бўшлиғининг эндоскопик кўриги); компьютер томографияси ва ҳоказолардан фойдаланилади.

фибромиома

Муолажа

Фибромиома билан оғриганлар гинекологнинг доимий назоратида туришлари керак. Кузатиш жараёнида шифокор касаллик шаклини аниқлайди ва муолажа (консервативми ёки жарроҳлик) усулини танлайди.

Консерватив муолажа шиш кичкиналик вақтида (ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасигача), асоратлар бўлмаганда ёки жарроҳлик аралашувига нисбатан қарши кўрсаткичлар мавжуд бўлганда қўлланади.

Ногормонал муолажа, одатда, фақат касаллик аломатларини сусайтириш учун қўлланади. Ялпи муолажада В, С, Е витаминлари кўлланади. А (Ретинол) витаминига айниқса, катта эътибор берилади, уни 12 ой мобайнида «ой кўриш» даврининг 5 дан 25 кунигача тайинлайдилар. Доривор ўсимликлар препаратларини (қирқбўғим, очамбити, эрман, игир ва ҳоказо) физиотерапевтик (Калий йоди Мис, Рух билан электрофорез қилиш, бачадон бўйинчаси электростимуляцияси ва ҳоказо) ва бальнеологик (йод бромли, родонли, «марварид»ли ванналар) муолажада қўлланади. Кўп қон йўқотилганда ва гемоглобин пасайиб кетганида темир препаратларидан фойдаланилади (қ. Анемия).

Гормонал муолажа шиш ўсишини ишончли тарзда тўхтатади ва ҳатто ўлчамларини кичрайтиради. Шу мақсадда ҳозирги вақтда жинсий гормонлар препаратларидан фойдаланилмоқда (Бусерелин, Золадекс, Норколут, Норэтистерон, Трипторелин, Гозелерин). Афсуски, гормонал препаратлар бекор қилинган дан кейин фибромиома, одатдагидек, бошқатдан ўсмоқда. Шу боис мазкур препаратларни қўллаш жарроҳликдан олдинги тайёргарлик учун ёки жарроҳлик амалини қолдириш зарурати туғилганда кўпроқ самара бермоқда.

Жарроҳлик муолажаси. Жарроҳлик амалига кўрсаткичлар қуйидагилардир:

• бачадондан қон кетиши, айниқса, анемия чоғида;

• ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасидан ошгандаги шишнинг катталашиб кетиши;

• шишнинг тез ўсиши.

Жарроҳлик амали тури (фақат шишни олиб ташлаш, бутун бачадонни олиб ташлаш) ёшга, касаллик аломатига ва аёлнинг келажакда бола кўриш хоҳишига боғлиқ.

Бачадони нисбатан катталашиб кетмаган ёш аёлларда консерватив миомоэктомиянинг аъзони сақловчи жарроҳлик амали бажарилиши мумкин, бу ҳозирги вақтда қорин бўшлиғини очмасдан (тешиб киргазиш йўли билан), лапароскопик усулда ўтказилмоқда.

Профилактик фибромиома вужудга келишининг олдини олиш учун аёллар замонавий контрацепция воситаларини қўллаб, сунъий равишда бола олдирмасликлари керак. Гормонал ҳолат бузилишларининг дастлабки белгиларида («ой кўриш»нинг мунтазам бўлмаслиги ва ҳоказо) текшириш учун гинекологэндринологга мурожаат қилмоқ керак.

фибромиома

ТАБИИЙ ВОСИТАЛАР Халқ табобати рецептлари (дамламалар)

Итбинафша гиёҳининг 2 ошқошиғини 0,5 л қайнатилган сувга солиб, 2 соат тиндирилади ва сузилади. Кунда 2-3 маҳал 150 мл дан ичилади.

Ертут япроғининг 1 ошқошиғи 0,5 сувга солиниб, паст оловда 30 дақиқа қайнатилади, 1 соат тиндирилиб сўнг сузилади ва кунда 3 маҳал ярим стакандан ичилади. Аёллар жинсий аъзоларининг хавфсиз шишида ўтириб ванна қилса ҳам бўлади. Кресс-салат уруғи кукунидан кунда 3 маҳал 1 гр дан ичиш керак. Кресс-салат илдизи туйилади, 1 миқдор илдизи 10 миқдор қайнатилган сувга солинади ва қайнатилади. Кунда 3-4 маҳал чорак стакандан ичилади.

Отқулоқ илдизидан 1 ошқошиғи 1 стакан қайнатилган сувга солиниб, паст оловда 30 дақиқа қайнатилади ва 1 соат тиндирилиб, сузилади. Кунда 3 маҳал илиқ ҳолда 100 мл дан ичилади.

Очамбити гиёҳидан 50 гр 1 л қайнатилган сувга солиб, тунда илиқ жойда тиндирилади ва сузилади. Кунда 3 маҳал овқатдан олдин 100 мл дан ичилади. Ташқаридан сепиб фойдаланса ҳам бўлади.

(Visited 2 440 times, 1 visits today)
Оцените статью
DAVOLASH
Добавить комментарий
error: Content is protected !!