Гижжа Сўрувчи қуртлар

Spread the love

Гижжа Сўрувчи қуртлар

Гижжа Сўрувчи қуртлар Шу гуруҳга кирадиган гижжалардан сибирь қурти (мушук қурти) ва фасциола кўп тарқалган. Сибирь қурти узунлиги 4-13 мм. келадиган майда гижжа бўлиб, ўт пуфаги, ўт йўллари ва меъда ости бези йўлларида паразитлик қилади.

Одамга хом, музлаган, кам тузланган ёки етарли қовурилмаган (пиширилмаган) балиқни истеъмол қилганда юқади. Касаллик ҳарорат кўтарилиши билан бошланиб (39-40°С), 2 ойгача шундай бўлиб туриши мумкин. Мушак ва бўғимлар оғрийди, йўтал пайдо бўлади, баданга тошма тошади, меъда-ичак иши бузилади; баъзан бадан сарғайиб кетади. Касалликнинг ўткир даври тугаганидан кейин беморнинг тўш ости соҳасида вақти-вақти билан оғриқ пайдо бўлиши мумкин. Бу касаллик оғир асоратлар беради.


Фасциола узунлиги 3-7 см. бўлган гижжалардир, ўт пуфаги ва ўт йўлларида паразитлик қилади. Одам бу гижжа личинкаларини қайнатилмаган сув ёки сув ўсимликларини овқатга ишлатганида ютиб юборади. Касаллик тобора зўрайиб борадиган дармонсизлик, бош оғриғи билан бошланади, кўпинча баданга эшакем тошиб, иситма чиқади, қоринда оғриқ пайдо бўлади; баъзан бадан сарғаяди. Касаллик сурункали тус олганда қоринда доимий ёки вақти-вақти билан тутадиган оғриқ пайдо бўлади.

Кўпгина гельминтозлар ифлос қўллардан юқадиган касалликдир. Гижжа юқишининг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, овқат олдидан ва ҳожатхонага бориб келгач, қўлларни совунлаб ювиш, баданни озода тутиш, ички кийим ва чойшаб, ўрин-кўрпа жилдларини тез-тез туриш керак; фақат қайнатилган сув билан ювилган сабзавот ва меваларни овқатга ишлатиш, шунингдек, гўштли ва балиқли таом тайёрлашда масаллиқларни тобига етказиб пишириш ҳамда уй ҳайвонларини парвариш қилиш қоидаларига амал қилиш зарур.

 

(Visited 141 times, 1 visits today)

Related posts