Гижжа Фасциолалар

Spread the love

Гижжа Фасциолалар

Гижжа Фасциолалар (сўрувчилар) тор доирада ихтисослашган бўлиб, асосан, ҳайвонлар танасида текинхўр бўлиб яшайди. Улар ўт йўллари ва ўт пуфагида ҳаёт кечиради. Шимолий фасциоланинг узунлиги 2-3 см., жанубий фасциолалар анча катта бўлиб, узунлиги 3,3-7,6 см. келади.

Бу сўрувчиларнинг табиатда яшаши учун иккита хўжайини бўлиши зарур: шаклланишининг бошланғич даври ўтиши учун оралиқ ва текинхўрларнинг тўлиқ ривожланиши учун эса охирги хўжайини бўлиши керак. Сувдаги шиллиқ қурт ва шунга ўхшаш сув жониворлари оралиқ хўжайин, ўтхўр ҳайвонлар, чўчқалар, кемирувчилар, баъзан одам охирги хўжайин бўлиб хизмат қилади.
Етук паразитлар охирги хўжайинининг жигарига жуда кўп тухум қўяди.

Тухумлар ўт суюқлиги билан хўжайин ичакларига ўтади ва ахлат билан ташқарига чиқади. Фасциолалар тухумининг ривожланиши учун офтоб яхши қиздирадиган, ўсимликка бой ҳовуз, кўл, ҳалқоб, секин оқадиган сой суви энг қулай макон ҳисобланади. Қулай шароитда қўйилган тухумлардан 10-18 кундан кейин ҳаракатланиш органи – ипсимон ўсиқлари бўлган кичик (микроскопик) серҳаракат қуртлар пайдо бўлади.

У ўзига макон излай бошлайди, ривожланиши учун қулай жойга жойлашади.
Сувда юрувчи қулоққа ўхшаш шиллиқ қуртлар ана шундай макон ҳисобланади. Личинка ҳимоясиз шиллиқ қурт танасига кириб, жигарига ўрнашиб олади. Бу ерда у ривожланиб, янада каттароқ личинка – церкарийга айланади. Церкарийнинг янада текинхўрлик қилиши учун бошқа жонивор танаси талаб қилинади.

 

Думли личинка – церкарий шиллиқ қурт танасидан чиқиб, бир оз вақт тез ҳаракат қилиб, бирор сув ости ўтига ёпишиб олади, думини ажратиб ташлайди ва ўзига хос ҳимоя пўстлоғига яширинган ҳолда ўзи текинхўрлик қиладиган жониворни кутади. Личинкалар ўт ёки сув билан ҳайвонлар ё одам организмига ўтиб, пўстлоғини ташлайди, ичак деворига ёпишиб, қон йўли орқали жигарга ўтади. Фасционал сўрғичи билан яхши ўрнашиб олиб, зўр бериб озиқланади ва уч- тўрт ойдан кейин жинсий етилади. Фасциолалар ўн йилгача организмда текинхўр ҳолда яшаши мумкин.

 

Бу касаллик Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган. Маҳсулдор молларнинг 36,6 фоизи фасциолёз билан касалланган. Одам ҳам фасциолёз билан оғриши мумкин, бунинг устига дард жуда оғир кечади. Одамга кўзга кўринмас личинкалар мавжуд бўлган ҳовуз, кўл, ҳалқоб сувини ичганда юқади.

 

Баъзилар турли сув ўсимликлари мазасини татиб кўришга одатланишган ёки сув манбалари қирғоғига келиб қолишса, ўйламай-нетмай, ўтларни юлиб, ширали поясини чайнаб кўрадилар. Фасциолёз хавфли касалликка айланиши мумкин. Масалан, Франциянинг Лион шаҳри яқинида бу касаллик билан 500 одам касаллангани қайд қилинган. Бунга аҳолининг ёввойи ҳолда ўсувчи кресс-салат ўтини истеъмол қилиши сабаб бўлган.

 

Ўзбекистонда фасциолёз билан оғриш нисбатан кам учрайди. 1928-1976 йиллар мобайнида 40 кишининг фасциолёз билан оғриганлиги қайд қилинган. Одамлар касалланишнинг олдини олиш учун оқмайдиган сув манбаларидан олинадиган сувни, албатта, қайнатиши, ботқоқликда ўсадиган кресс-салат ва бошқа ўсимликларни яхшилаб ювиб, истеъмол қилиши зарур. Чорва молларини касалланишдан сақлаш учун вақти-вақти билан сувлоқни ўзгартириб туриш, ботқоқлик ҳосил бўлиши ва қуртларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик зарур.

(Visited 60 times, 1 visits today)

Related posts